Бетакрор ва буюк шахсият
Заҳириддин Муҳаммад Бобур деганда кўз ўнгимизда ўзбек адабиётининг Алишер Навоийнинг кейинги буюк намоёндаси гавдаланади. Зеро, машҳур муаррих Мирзо Ҳайдар таъбири билан айтганда: ”Туркий шеърни Амир Алишердан кейин ҳеч ким Бобур ёзган даражада ёзган эмас”. Дарҳақиқат, Бобур ижоди мумтоз сўз санъатимизда Навоийдан кейинги алоҳида босқични ташкил этади. У адабиётни ҳаётга, адабий тилни халқ тилига яқинлаштирди. Бобур ўз асарларининг мавзуини асосан ҳаётдан олди. Шоир меросининг ҳайратланарли даражада ҳаётийлиги, кўнгилга яқинлиги, туйғуларининг табиий ва самимийлигидандир. Бобур асосан кўрган-билган, қалбидан ўтказган, ўзини тўлқинлантирган нарсалар, кечинмалар ҳақида ёзади. Бобур соҳибдевон шоир бўлсада, унинг девони бизгача мукаммал ҳолда етиб келмаган. Ҳозиргача шоирнинг 119 ғазал, 1маснавий шеъри, 209 рубоийси, 10 дан ортиқ туюқ ва қитъалари, 50 дан ортиқ муаммо ва 60 дан зиёд фардлари аниқланган. Девони таркибидан умумий ҳажми 270 байтдан иборат 8 маснавий ҳам ўрин олган.
Бундан ташқари, Бобур ўғиллари Ҳумоюн ва Комрон Мирзоларга атаб, шариат ақидаларига бағишланган “Мубаййин” асарини,аруз назариясига оид “Муфассал” китобини яратади. Хожа Аҳрор Валийнинг “Волидия” рисоласини шеърий таржима қилади. Араб алифбосини ислоҳ қилиб, ёзувни соддалаштириш ва осонлаштириш, уни туркий тил ва талаффуз мезонларига мослаштириш мақсадида “Хатти Бобурий”ни ихтиро этган.
Бобурнинг буюклиги, донолиги, ватанпарварлиги ҳақида гапирмоқчи бўлсак,унинг қомусий асари “Бобурнома”га тўхталишимиз лозим. ”Бобурнома” 36 йил давомида ёзилган бўлса, афсуски, бугунги кунда унинг 18 йилини акс эттирувчи ҳужжатлар топилган. ”Бобурнома” асарининг асл қўлёзмаси эски ўзбек тилида ёзилган. ”Бобурнома”ни таржима қилдирган олимлар ичида Бевериж хоним асарни асл ҳолатда араб алифбосидаги ўзбек тилида қайта чоп эттиришга муваффақ бўлди. “Бобурнома” бугунги кунда уч жойда сақланаяпти: Ҳайдарободдаги “Салар жанги” музейида, Буюк Британиянинг Оксфорд университети кутубхонасида ҳамда Андижондаги “Бобур ва жаҳон маданияти” музейида.
Бобурнинг “Бобурнома” тарихий- мемуар асари шоирга оламшумул шуҳрат келтирди. Унда ХV аср охири-ХVI аср бошларида Мовароуннаҳр, Хуросон ва Ҳиндистонда кечган воқеалар, темурийлар салтанатининг инқирози, шайбонийларнинг ҳокимият тепасига келиши содда услуб, самимий руҳда ёзилган. Асарда Ҳусайн Бойқаро, Муҳаммад Шайбоний, Убайдуллохон, Шоҳ Исмоил Сафавий, Иброҳим Лўдий каби ўнлаб ҳукмдорлар, Алишер Навоий, Камолиддин Биноий, Беҳзод, Хондамир, Мирзо Ҳайдар сингари қатор адабиёт ва санъат намоёндалари тўғрисида маълумот ва хотиралар келтирилган. Қомусий характердаги бу асарда ,шунингдек, Мовароуннаҳр, Авғонистон ва Ҳиндистон мамлакатлари тарихи ,маданияти, табиати, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, шаҳар ва қишлоқлари, буерларда яшайдиган халқларнинг турмуш тарзи, урф- одат, анъаналари, диний эътиқод ва маросимлари, турли ижтимоий табақалар, ҳарбий санъат ва жанг қуроллари ўзининг уруш-юришлари, турли фанларга оид кўпдан –кўп маълумотлар ўрин олган.
Бобур ҳаётнинг кўзига тик қарайди, тақдир зарбаларидан довдираб қолмайди, ҳар қандай шароитда курашиш учун ўзида куч топади. Қисматнинг шафқатсиз қўли уни туғилган юртидан бадарға қилганида табиатидаги туғма шижоат ва ирода туфайли у бегона юртларда жон сақлаб қолдигина эмас, балки 332 йил ҳукм сурган буюк бобурийлар салтанатига асос солди.
Жавоҳарлаъл Неру ҳам: ”Бобур дилбар шахс эди. Уйғониш даврининг ажойиб султони, кучли, тадбиркор киши бўлиб, санъатни, адабиётни, гўзалликни севар эди... Бобур ҳам фасоҳатли ва ориф кишилар сирасига мансуб эди”,-деб таърифлаган эди.
Бобур бағри кенг, меҳри дарё инсон бўлган: ўзига ёмонлик қилганларнинг ҳам гуноҳларидан ўтиб, қўлидан келганча уларга яхшилик қилган.
Шунинг учун ҳам таниқли адиб Хайриддин Султон: ”Бобур –инсонлар ичида энг ростгўйидир, деб айтсак ҳам хато бўлмас,-деб айтган эди”.
Самарқанд вилоят юридик техникуми
мониторинг ва ички назорат бўлими бошлиғи
Маманазарова Гулбаҳор
Дата добавления: 12/02/2021 11:11; Просмотров: 791
Чоп этилган вақт: 31/01/2025 08:10