Самарқанд вилоят юридик техникуми w w w . s a m h u q u q k o l l e j . u z

 

Қабул қилиш, четлатиш, қайта тиклаш, курсдан қолдириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик техникумлари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 29 апрелдаги ПФ-5987-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, касб-ҳунар маълумотига эга малакали мутахассислар, рақобатбардош юридик кадрлар тайёрлаш жараёнини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 29 апрелдаги ПФ-5987-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик техникумлари (кейинги ўринларда — юридик техникум) фаолияти янада такомиллаштирилганлиги, шу жумладан, мазкур Фармоннинг:

а) 3-бандига мувофиқ юридик кадрларни тайёрлашга буюртма шакллантириш тартиби жорий этилганлиги;

б) 15-бандига мувофиқ 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб юридик техникумларда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қабул қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда — Давлат тест маркази) томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали амалга оширилиб, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қўшимча қабул тартиби жорий этилиши;

в) 17-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юридик техникумлар тузилмасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, юридик техникумларга тўлов-контракт бўйича қўшимча қабул параметрлари ва ўқиш қийматини тасдиқлаш, юридик техникумларда ўқиш муддатлари ва шаклини белгилаш ҳамда уларнинг ходимлари иш ҳақи тизими ва тартибини белгилаш ваколатлари берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

  1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида низом 1-иловага;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларига ўқишга ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

  1. Белгилансинки:

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб юридик техникумларга ҳужжатларни қабул қилиш давлат хизматлари марказлари, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ёки Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали амалга оширилади;

Тошкент давлат юридик университети (кейинги ўринларда — ТДЮУ) ҳузуридаги академик лицейни тамомлаган ўзлаштириш кўрсаткичларининг 56 ва ундан юқори фоизлик натижаларига эга битирувчилар ҳамда республика олий таълим муассасаларида «юриспруденция» таълим йўналиши бўйича тест синовларида иштирок этиб, унда тўплаш мумкин бўлган умумий баллнинг 60 ва ундан юқори фоизини тўплаб, ўқишга тавсия этилмаган абитуриентлар юридик техникумларга кириш имтиҳонларисиз, тўлов-контракт асосида қабул параметрларидан ташқари қабул қилинади;

юридик техникумларда ўқув юкламаси ҳажми Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади;

юридик техникумларда педагог ходимларнинг шахсий иш режасидаги тадбирлар рўйхати ва уларнинг минимал соатлари ТДЮУ томонидан тасдиқланади;

юридик техникумлар педагог ва раҳбар ходимларининг хорижий давлатлар таълим муассасаларида стажировка ўташлари улар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ малакасини оширишга тенглаштирилади;

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари бошлиқлари — юридик техникум директорларига алоҳида меҳнат шароитлари учун юридик техникумнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан уларнинг тегишли ҳудудий адлия органидаги лавозим маошларига нисбатан 100 фоизгача бўлган устама тўланиши мумкин;

Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги 318-сон қарори билан тасдиқланган Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисидаги низомнинг амал қилиши, кредитларни бакалавриат талабалари учун белгиланган шартларда ажратиш орқали, юридик техникум ўқувчиларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

  1. Белгилаб қўйилсинки:

а) қўшма таълим дастурлари ва қўшма факультетлар ҳамда хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этиладиган олий таълим тизими билан интеграциялашган таълим дастурларига абитуриентларни қабул қилиш ҳамда битирувчиларини аттестациядан ўтказиш тартиби ва қоидалари ТДЮУ томонидан хорижий ҳамкорлар билан келишилган ҳолда белгиланади;

б) қўшма таълим дастурлари ва қўшма факультетлар ҳамда хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этиладиган олий таълим тизими билан интеграциялашган таълим дастурларидаги ўқув жараёни тўлов-контракт асосида хорижий ҳамкорларнинг талабларини ҳисобга олган ҳолда, ТДЮУ томонидан тасдиқланган шакл, ўқув режа ва ўқув дастурлари бўйича амалга оширилади;

в) қўшма таълим дастурлари ва қўшма факультетлар ҳамда хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этиладиган олий таълим тизими билан интеграциялашган таълим дастурларида ўқитишнинг тўлов-контракт миқдори ТДЮУ томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва хорижий ҳамкорлар билан келишилган ҳолда белгиланади;

г) Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари бошлиқлари — юридик техникум директорларига бюджетдан ташқари (тўлов-контракт, шу жумладан, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушган) маблағлар ҳисобидан:

хорижий мутахассисларни ўқитувчи сифатида жалб этиб, уларга меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда иш ҳақи ва бошқа тўловларни белгилаш;

юридик техникум ходимларини хорижий таълим муассасалари, илмий ва бошқа ташкилотларда стажировка ўташ ҳамда малака оширишга юбориш ҳуқуқи берилади;

д) ТДЮУ ва юридик техникумларда автотранспорт воситаларининг йўл босиш йиллик лимити, нормативлари ва уларга хизмат кўрсатиш талаблари тегишлича ТДЮУ ва юридик техникумлар томонидан мустақил белгиланади.

  1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

а) бир ой муддатда:

юридик техникумлар уставлари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини, шунингдек, уларнинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини;

юридик техникумларнинг штат жадваллари ва харажатлар сметалари;

таълим беришнинг кредит-модуль тизими шароитида педагог ходимларнинг таркиби меҳнатини меъёрлаштириш, иш вақтини фақат ўқув тадбирларига асосланган ҳолда амалга ошириш, шунингдек педагог ходимлар томонидан ўқув-методик, ташкилий-методик, маънавий-ахлоқий ва тарбиявий ишларни бажаришни рағбатлантиришни назарда тутувчи педагог ходимларнинг шахсий иш режасидаги тадбирлар рўйхати ва уларнинг минимал соатларини (сарфланадиган вақт меъёрларини) ТДЮУ томонидан тасдиқланишини;

юридик техникумларда бир ўқитувчига тўғри келадиган ўқувчилар сони нисбати нормативлари ва юридик техникумларда ўқув юклама ҳажми, шунингдек ТЮДУ томонидан юридик техникумларда педагог ходимларнинг шахсий иш режасидаги тадбирлар рўйхати ва уларнинг минимал соатларини тасдиқланишини;

б) уч ой муддатда юридик техникумларда ўқув жараёнини кредит-модуль тизимини қўллаган ҳолда ташкил этиш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда 2021 йил 1 майга қадар юридик техникумларга ўқишга кириш учун ҳужжатларни ЯИДХП орқали қабул қилиш бўйича давлат хизматлари жорий этилишини таъминласин.
  2. Юридик техникумларда ўқув-методик жараённи сифатли мувофиқлаштиришни таъминлаш, уларга амалий ва ахборот-ресурс жиҳатдан кўмаклашиш мақсадида ТДЮУга 1 та микроавтобус ва 2 та навбатчи хизмат енгил автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратилсин. Бунда, автотранспорт воситаларини сотиб олиш ва сақлаш билан боғлиқ харажатлар ТДЮУнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
  3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
  4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
  5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 30 октябрь,

677-сон

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

Ўзбекистон Республикасида узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.08.2020 й., 09/20/466/1164-сон)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5812-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

  1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасида узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган касб-ҳунар мактабларининг намунавий устави 2-иловага мувофиқ;

Ўрта профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган коллежларнинг намунавий устави 3-иловага мувофиқ;

Ўрта махсус профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган техникумларнинг намунавий устави 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

  1. Тизимида ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган коллежлар ва техникумлар бўлган вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари тасдиқланган намунавий устав асосида таълим муассасаларининг уставларини ишлаб чиқсинлар ҳамда уларнинг фаолияти йўлга қўйилишини таъминласинлар.
  2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 5-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

  1. Вазирлар Маҳкамасининг «2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларини мақбуллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 16 апрелдаги 232-сон қарорига мувофиқ касб-ҳунар мактабларида бошланғич профессионал таълим дастурлари асосида таълим оладиган ўқувчиларга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ойлик стипендия ҳамда уч маҳал овқат билан таъминлаш тартиби 2021/2022 ўқув йилидан жорий этилиши маълумот учун қабул қилинсин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
  3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 7 август,

466-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 августдаги 466-сон қарорига
1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикасида узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълимни (кейинги ўринларда профессионал таълим деб аталади) ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.
  2. Ўзбекистон Республикасида профессионал таълим «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилади.
  3. Ўзбекистон Республикасида профессионал таълим — иқтисодиётнинг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифаларини, замонавий техника ва технологик тенденцияларни ҳисобга олиб, меҳнат бозоридаги кадрларга бўлган реал эҳтиёж, иш берувчиларнинг таклифлари ҳамда «Ҳаёт давомида таълим олиш» принципи асосида шахсларнинг таълим олишига мўлжалланган.
  4. Профессионал таълимни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилинади.
  5. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

бошланғич профессионал таълим — ЮНЕСКО ташкилоти томонидан қабул қилинган Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи (кейинги ўринларда Халқаро таснифлагич деб аталади) 3-даражасига мос келувчи таълим дастурлари;

касб — махсус тайёргарлик ва иш тажрибаси натижасида маълум бир соҳада меҳнат фаолиятни амалга ошириш учун лозим бўлган назарий билимлар, амалий кўникма ва малакалар мажмуасини эгаллаган, жисмоний имконият, ақлий қобилият ва ҳуқуқлари таъминланган меҳнат фаолияти (машғулоти)нинг туридир;

касбий компетенция — билим, кўникма ва амалий тажриба асосида касбий фаолиятга тегишли вазифаларни бажаришда фаолият юритиш қобилияти;

касб-ҳунар мактаби — Халқаро таснифлагичнинг 3-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида 9-синф битирувчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасалари;

квалификация — касбий маҳорат даражаси ёки поғонаси касбий талабларнинг муайян поғонасига мувофиқлиги даражаси;

коллеж — Халқаро таснифлагичнинг 4-даражасигача мос келувчи таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлайдиган вазирликлар ва идоралар тизимида фаолият кўрсатадиган таълим муассасалари;

компетенция — билим, кўникма, малака ва шахсий сифатлар мажмуи;

кўникма — муайян вазифани бажариш учун эгалланган қобилият;

мутахассислик — бирор касб доирасида маълум бир фаолият тури учун махсус тайёргарлик ва амалий тажрибаси билан эришилган зарур билим, кўникма ва малакалар мажмуи;

профессионал стандарт — ходимга маълум бир касбий фаолият турини, шу жумладан, маълум бир меҳнат функциясини бажариш учун зарур бўлган малака талаблари;

профессионал таълим — таълим олувчиларда маълум бир мутахассислик ва касблар бўйича касбий компетенцияларни шакллантирадиган ва ривожлантирадиган узлуксиз таълим тизими;

табақалаштирилган таълим дастури — Халқаро таснифлагичнинг тегишли даражаларига мувофиқ бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълимда кадрлар тайёрлаш учун касб ёки мутахассисликларнинг мураккаблик даражалари, ўқитиш муддатлари бир-биридан фарқ қиладиган таълим дастури;

таълим дастури — профессионал таълим муассасаси битирувчисига муайян эгаллаган касб ёки мутахассислик бўйича касбий фаолиятни малакали бажариш имконини беришга қаратилган профессионал таълим тайёргарлигининг асосий мазмунини аниқловчи таълим стандартлари, ўқув режаси, ўқув фанлари (модуллар) дастурлари, малака амалиёт дастурларидан иборат ҳужжатлар тўплами;

таълим стандарти — таълим ҳажми ва мазмунини, битирувчилар умумий ва касбий компетенцияларини шакллантиришнинг зарур ва етарли даражасини, кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилишни ҳамда баҳолаш даражаларини белгилайдиган меъёрлар ва талаблар мажмуи;

техникум — Халқаро таснифлагичнинг 5-даражасигача мос келувчи ва олий таълим тизими билан интеграциялашган таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлайдиган ҳамда олий таълим муассасалари ҳузурида фаолият юритадиган таълим муассасалари;

умумий компетенция — билим, кўникма ва амалий тажриба асосида касбига яқин фаолият турларининг кўпчилиги учун умумий бўлган масалаларни ҳал этишда муваффақиятли фаолият юритиш қобилияти;

ўрта махсус профессионал таълим — Халқаро таснифлагичнинг 5-даражасига мос келувчи таълим дастурлари;

ўрта профессионал таълим — Халқаро таснифлагичнинг 4-даражасига мос келувчи таълим дастурлари;

ўқитишнинг дуал тизими — таълимнинг назарий қисми таълим муассасасида ва амалий қисми иш жойларида ташкил этиладиган ўқитиш тури;

ўқув режаси — профессионал таълимнинг муайян касби ёки мутахассислиги бўйича ўқув фаолияти турлари, ўқув фанлари (модуллари) ва курслари ҳамда малака амалиётлари таркиби, уларни ўрганиш изчиллиги, соҳа ва тармоқларда иш турларининг мавсумийлигини ҳамда соатлардаги ҳажмини белгилайдиган ҳужжат;

ўқув дастури — профессионал таълим ўқув режасига киритилган фанлар ва амалиётларнинг мазмуни, ўқитишнинг мақбул усуллари, ахборот манбалари кўрсатилган ҳужжат;

ўқув жараёнининг графиги — таълим жараёнининг кетма-кетлиги ва алмашувчанлигини, аттестация ва таътил вақтларини белгиловчи ҳужжат.

2-боб. Профессионал таълимнинг мақсади ва вазифалари

  1. Меҳнат бозоридаги эҳтиёжлар, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун рақобатбардош кадрларни профессионал таълим босқичларини жорий қилиш орқали тайёрлаш ҳамда турли ёшдаги шахсларнинг «Ҳаёт давомида таълим олиш» принципи асосида таълим олишга бўлган талабларини қондириш профессионал таълимнинг мақсади ҳисобланади.
  2. Қуйидагилар профессионал таълимнинг вазифалари ҳисобланади:

иш берувчиларнинг талаб ва таклифларига асосан кадрларга бўлган реал эҳтиёжни инобатга олган ҳолда иқтисодиёт соҳа ва тармоқлари учун зарур бўлган малакали мутахассисларни тайёрлаш ҳамда жамиятнинг касблар ва мутахассисликларга бўлган талабларини қондириш;

меҳнат фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ қилиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлган кадрларни тайёрлаш;

маҳаллий ва хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, замонавий инновацион ўқув лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш учун малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш;

Халқаро таснифлагич даражалари билан уйғунлашган табақалаштирилган таълим дастурларини ҳамда ўқитишнинг кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этиш;

таълим олиш билан биргаликда ўқувчиларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича зарур билимларни бериш ва уларни келгусида ўз бизнесини ташкил этиши юзасидан методик қўллаб-қувватлаш тадбирларини амалга ошириш;

мамлакат иқтисодиётини янада ислоҳ қилиш, уни барқарор ўстириш ҳамда модернизациялаш жараёнларида самарали иштирок этишга қодир бўлган кадрларни тайёрлаш мақсадида ўқув жараёнига инновация шакллар, технологиялар ва ишланмаларни фаол қўллаб, профессионал таълим ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

шахсларнинг профессионал таълим муассасаларини ихтиёрий танлаши ва касб ёки мутахассислик бўйича билим олиш, шунингдек, «Ҳаёт давомида таълим олиш» принципи асосида касбий тайёргарлик ва қайта тайёрлашдан ўтиш имконига эга бўлиш шароитларини яратиш;

профессионал таълим олиш орқали шахснинг интеллектуал, маданий ва маънавий ривожланишга бўлган индивидуал эҳтиёжларини қондириш, ўқувчиларда ватанпарварликни, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш ҳамда уларда масъулият ва ижодий фаолиятни ривожлантириш.

3-боб. Профессионал таълимни ташкиллаштириш

  1. Профессионал таълим тизимида кадрлар тайёрлаш Халқаро таснифлагич даражалари билан уйғунлашган ва табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган профессионал таълим муассасаларида амалга оширилади.

Касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлар профессионал таълим муассасалари тоифасига киради.

  1. Профессионал таълим муассасалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилади, қайта ташкил этилади ва тугатилади.

Давлат профессионал таълим муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Нодавлат профессионал таълим муассасалари белгиланган тартибда жисмоний ва нодавлат юридик шахслар томонидан ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг хорижий давлатлар ва инвесторлар билан тузилган шартномалари ва келишувлари асосида халқаро профессионал таълим муассасалари ташкил этилиши мумкин.

Халқаро (давлатлараро) профессионал таълим муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Профессионал таълим муассасасини лицензиялаш ва аккредитация қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

  1. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ профессионал таълим муассасаларининг муассислари бўлиши мумкин.
  2. Профессионал таълим муассасалари хусусан, касб-ҳунар мактаблари номлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) томонидан коллежлар ва техникумларнинг номлари эса тегишли вазирлик ва идоралар томонидан Вазирлик билан келишган ҳолда белгиланиши ёки ўзгартирилиши мумкин.
  3. Профессионал таълим муассасаси ўз таркибида филиаллар, кафедралар, бўлимлар, ўқув хоналари ва лабораториялар, ўқув ва ўқув-ишлаб чиқариш устахоналари ва хўжаликлари, технопарклар, ўқув майдончалари (полигонлар), ётоқхоналар, умумий таълим дастурларини, профессионал таълим дастурларини амалга оширувчи таркибий бўлинмалар, таълим жараёни билан боғлиқ бошқа таркибий бўлинмаларга эга бўлиши мумкин.

Профессионал таълим муассасаларининг намунавий тузилмалари бўйсунувидаги вазирликлар ва идоралар томонидан тасдиқланади.

Профессионал таълим муассасасининг филиали мазкур профессионал таълим муассасаси идоравий мансублиги бўйича тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан Вазирлик билан келишган ҳолда ташкил этилади ва тугатилади. Профессионал таълим муассасасининг филиали ушбу Низом асосида фаолият кўрсатади.

  1. Профессионал таълим муассасаларида табақалаштирилган таълим дастурлари доирасида профессионал таълим берилади, ўқувчиларнинг касбий мойилликлари, маҳорати ва кўникмаларининг ривожланиши, танланган касблар ёки мутахассисликларга эга бўлиши таъминланади.
  2. Таълим стандарти талабларини бажариш, агар қонун ҳужжатларида бошқа ҳолатлар назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган ташкилий-ҳуқуқий шаклидан ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар (хорижий таълим муассасаси филиаллари бундан мустасно) барча профессионал таълим муассасалари учун мажбурийдир.
  3. Профессионал таълим соҳалари бўйича таълим стандарти намунаси Вазирлик томонидан белгиланади.

Таълим соҳалари бўйича таълим стандартлари асосида касблар ва мутахассисликларнинг малака талаблари ишлаб чиқилади.

  1. Таълим соҳалари бўйича таълим стандартлари, касблар ва мутахассисликлар малака талаблари, ўқув режаси ва дастурларини ишлаб чиқиш учун Вазирлик, тегишли вазирликлар ва идоралар, таянч профессионал таълим муассасалари ҳамда олий таълим муассасаларининг тажрибали мутахассисларидан иборат таркибда муаллифлар жамоаси шакллантирилади.

Таълим стандартлари ва малака талаблари тегишли касб ва лавозимларнинг профессионал стандартлари ёки малака талаблари асосида ишлаб чиқилади.

Таянч профессионал таълим муассасалари рўйхати Вазирлик томонидан белгиланади.

Ишлаб чиқилган таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режаси ва дастурлари Вазирлик томонидан тасдиқлангандан сўнг таълим жараёнига жорий этилади.

Таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режаси ва дастурларини такомиллаштириш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш иш берувчи ташкилотларнинг таклифларига асосан Вазирлик томонидан амалга оширилади.

Имкониятлари чекланган шахслар учун Вазирлик томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда профессионал таълимнинг махсус дастурлари ишлаб чиқилади.

  1. Таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режаси ва дастурларини жорий этиш, мувофиқлаштириш ҳамда унга методик раҳбарлик қилиш Вазирлик томонидан амалга оширилади.
  2. Табақалаштирилган таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашда халқаро тажрибани ўрганган ҳолда профессионал таълим жараёнларига ўқитишнинг кредит-модуль тизими босқичма-босқич жорий этилади.

Профессионал таълим тизимида ўқитишнинг кредит-модуль тизимини жорий этиш тартиби, жорий этиладиган касблар ва мутахассисликлар ҳамда тўпланадиган кредитлар ҳажми бўйсунувидаги вазирликлар ва идоралар томонидан Вазирлик билан келишган ҳолда тасдиқланади.

  1. Профессионал таълим муассасаларида асосий таълим дастурларидан ташқари қуйи даражадаги таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш Вазирликнинг рухсати асосида амалга оширилади. Профессионал таълим муассасалари ушбу таълим дастурларини тегишли турдаги профессионал таълим муассасалари учун белгиланган тартибга риоя қилган ҳолда амалга оширади.
  2. Профессионал таълим муассасаларида ўқувчилар, раҳбар кадрлар, ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталари ҳамда иш берувчилар таълим жараёни иштирокчилари ҳисобланади.
  3. Профессионал таълим муассасаси юридик шахс ҳисобланади, ўз уставига, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида ва унинг ҳудудий бўлинмаларида шахсий ҳисобварақларига (давлат таълим муассасалари учун), ўз номи кўрсатилган муҳрга, бурчакли штампга ва бланкаларга эга бўлади.
  4. Профессионал таълим муассасаларининг устави белгиланган тартибда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
  5. Профессионал таълим муассасалари ҳудудларнинг демографик, ижтимоий-иқтисодий ва географик шароитларини, меҳнат бозорининг тегишли соҳа мутахассисларига бўлган талабини, манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжи ҳамда олий таълим тизими билан интеграциялашган таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашни ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.

Бошқа жойлардан келган ўқувчиларга, имкониятга қараб, профессионал таълим муассасалари учун ётоқхоналар ташкил этилади.

Ётоқхоналарда ўқувчиларнинг яшаш учун тўланадиган тўлов миқдори (бепул фойдаланишда бўладиган ётоқхоналар бундан мустасно) профессионал таълим муассасалари томонидан белгиланади.

  1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари профессионал таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлашда ўз ваколатлари доирасида ёрдам кўрсатадилар ва касб-ҳунар мактаблари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқадилар.
  2. Профессионал таълим муассасаларининг ўқувчилари ва ходимларига ижтимоий кафолатлар, қўллаб-қувватлаш ва имтиёзлар қонун ҳужжатлари, шунингдек, профессионал таълим муассасасининг устави асосида белгиланади.
  3. Коллежлар ва техникумларда кундузги, сиртқи ва кечки таълим шакллари жорий этилади.

Таълим шакллари Вазирлик томонидан тизимида профессионал таълим муассасалари бўлган вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналар билан келишган ҳолда белгиланади.

Сиртқи ва кечки таълим шаклларини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

  1. Профессионал таълим муассасаларида қўшимча касблар ва мутахассисликлар бўйича квалификацияларни эгаллаш, жумладан, тракторчи, комбайн оператори, «В» ёки «ВС» тоифадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини ва шу кабиларни олиш истагидаги аҳолининг турли қатламлари учун ўқитиш муддати 6 ойдан ошмаган интенсив ва қўшимча ўқув курслари ташкил этилиши мумкин.

Мазкур ўқув курслари битирувчиларига белгиланган тартибда ташкил этилган имтиҳонларни муваффақиятли якунлаганидан сўнг келгусида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган давлат намунасидаги сертификат ёки гувоҳнома берилади.

  1. Профессионал таълимнинг тайёрлов йўналишлари, касблар ва мутахассисликлар рўйхати Вазирлик томонидан тасдиқланадиган профессионал таълимнинг тайёрлов йўналишлари, касблар ва мутахассисликлар классификатори асосида белгиланади.
  2. Профессионал таълим муассасалари касблар ва мутахассисликлар бўйича ўқувчиларни касбга йўналтириш ишларини тизимли равишда ташкил этадилар.

Умумтаълим мактабларида касбга йўналтириш бўйича тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорликда ташкил этилади.

  1. Профессионал таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш белгиланган тартибда тузилган шартномалар асосида ўқитишнинг дуал тизими асосида ташкил этилиши мумкин. Ўқитишнинг дуал тизими жорий этиладиган профессионал таълим муассасалари, касблар ёки мутахассисликлар рўйхати Вазирлик билан келишган ҳолда тизимида профессионал таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан тасдиқланади.

Ўқитишнинг дуал тизимини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

  1. Профессионал таълим муассасаларини қайта ихтисослаштириш ва тайёрланадиган касблар ва мутахассисликлар рўйхати Вазирлик томонидан меҳнат бозорининг кадрларга бўлган эҳтиёжидан ва тармоқ вазирликлари, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, кадрлар буюртмачиларининг таклифларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
  2. Профессионал таълим муассасаларига ўқувчилар қабул кўрсаткичлари ва ўқувчиларни қабул қилиш тартиби, агар қонун ҳужжатларида бошқача ҳолатлар назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
  3. Ўқувчилар ўқитиш курслари бўйича гуруҳларга, ўқитиш йўналиши бўйича эса — бўлимларга ҳамда техникумларда кафедраларга бирлаштирилади.

Профессионал таълим муассасаси ўқув машғулотлари маърузалар шаклида ўтказилганда ўқувчилар гуруҳларини бирлаштириши мумкин.

  1. Профессионал таълим муассасаларида қоидага кўра гуруҳларни тўлдириш камида 12 нафар ва энг кўпи билан 30 нафар ўқувчилар доирасида белгиланади.

Зарур ҳолларда буюртмачиларнинг таклифлари асосида касблар ва мутахассисликлар бўйича ўқитиш харажатларининг қопланишидан келиб чиқиб, гуруҳдаги ўқувчилар сони 12 нафардан кам бўлиши мумкин.

Касб-ҳунар мактаблари бошланғич профессионал таълим босқичидаги таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлашда гуруҳлардаги ўқувчилар сони камида 26 нафар этиб белгиланади.

  1. Ўқувчиларнинг ўқув юкламаси, ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётларининг ҳажми, семестрлар сони, бериладиган таътиллар ва ўқув жараёнини ташкил этишнинг бошқа масалалари профессионал таълимнинг табақалаштирилган таълим дастурларига мувофиқ белгиланади.

Профессионал таълимнинг ўқув режа ва дастурлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача ҳолатлар кўзда тутилмаган бўлса, Вазирлик томонидан тасдиқланади.

Айрим касблар ва мутахассисликлар бўйича танланган профессионал таълим муассасаларида таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа ва дастурлари тажриба-синовдан ўтказилиши ҳамда натижалар бўйича хулосалар қабул қилиниши мумкин.

  1. Ўқув машғулотларини ўтказиш учун профессионал таълим муассасаларида гуруҳларда ўқувчилар сони 26 нафар ва ундан ортиқ бўлганда иккита кичик гуруҳга бўлган ҳолда қуйидаги тартибда ўқитишга рухсат этилади:

ўзбек тили (таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган гуруҳлар учун);

рус тили (таълим рус тилида олиб борилмайдиган гуруҳлар учун);

чет тили;

информатика ва ахборот технологиялари фанининг амалий машғулотлари;

жисмоний тарбия (ҳар бир гуруҳда камида 13 нафар йигит ёки қиз бўлганда) машғулотлари;

Қорақалпоғистон Республикасидаги таълим қорақалпоқ тилида олиб бориладиган гуруҳларда қорақалпоқ тили ўқув режасидаги она тили ва адабиёти фанига ажратилган соатлар ҳисобидан, таълим рус гуруҳларида олиб бориладиган гуруҳларга ўзбек тили учун ажратилган соатлар ҳажмида ўзбек тилига қўшимча соат ажратилган ҳолда ўқитилади. Бошқа тилларда олиб бориладиган гуруҳларда ўзбек тили учун ажратилган соатлар ҳажмида қорақалпоқ тилига қўшимча дарс соати ажратилади.

  1. Вазирлик томонидан тасдиқланган намунавий ўқув режалари асосида профессионал таълимнинг тиббиёт, таълим (мусиқа ходими) йўналишлари бўйича махсус мутахассислик фанларининг амалий машғулотлари кичик гуруҳларга бўлиб ўқитилади.

Таълим (мусиқа ходими) йўналишлари бўйича якка тартибдаги ўқув машғулотлари тайёрлов йўналишларининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, тасдиқланган намунавий ўқув режаларига мувофиқ амалга оширилади.

Айрим касбий фанларни ўзлаштириш мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда кичик гуруҳларга бўлиб ўқитиш касблар ва мутахассисликлар бўйича ишлаб чиқиладиган намунавий ўқув режаларида белгиланади.

Ўқув режасидаги бошқа фанлар бўйича гуруҳларни кичик гуруҳларга бўлиб ўқитиш (ўқув амалиёти бундан мустасно) тақиқланади. Ўқув режасидаги бошқа фанлар бўйича гуруҳларни кичик гуруҳларга бўлиб ўқитиш кадрлар тайёрлаш бўйича буюртмачиларнинг қўшимча ажратилган маблағлари ҳисобига амалга оширилишига рухсат этилиши мумкин.

  1. Таълим стандарти талабларига риоя қилиш устидан назорат Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органи томонидан қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

таълим стандарти асосида профессионал таълим муассасаларида битирувчилар эгаллаши лозим бўлган билим, кўникма, малака ва компетенцияларга баҳо бериш;

ўқув режаси ва дастурларининг таълим стандартига мувофиқлигини таҳлил қилиш.

  1. Назорат қилишнинг бош вазифаси таълим стандарти бузилишини аниқлаш, олдини олиш ва бартараф қилиш ҳисобланади.
  2. Таълим стандарти талабларининг бузилганлиги учун жавобгарлик қонун ҳужжатларига мувофиқ профессионал таълим муассасаси раҳбариятига юкланади.
  3. Профессионал таълим муассасаларида таълим сифатини назорат қилиш қуйидаги усулларда олиб борилади:

ички назорат — Вазирлик ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш бўйича давлат инспекцияси томонидан тасдиқланадиган тартиб асосида профессионал таълим муассасаси томонидан амалга оширилади. Ички назоратни ташкил этиш учун профессионал таълим муассасаларида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига штат бирликлари ажратилиши мумкин.

ташқи назорат — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган тартиб асосида амалга оширилади;

давлат-жамоат назорати — таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи ва у билан келишган ҳолда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва кадрларга талабгорлар томонидан амалга оширилади;

якуний давлат аттестацияси — профессионал таълим муассасаларида ташкил этиладиган якуний давлат аттестация комиссиялари томонидан амалга оширилади. Профессионал таълим муассасаларида якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби, агар қонун ҳужжатларида бошқача ҳолатлар кўзда тутилмаган бўлса, Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш бўйича давлат инспекцияси билан келишган ҳолда тасдиқланади.

  1. Ўқувчиларни профессионал таълим муассасаларида ўқитиш профессионал таълим тизимининг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаси билан ўзаро ҳамкорлиги асосида қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:

профессионал таълим муассасалари ўқувчиларининг корхоналарда тизимли асосда ишлаб чиқариш амалиётини ўташи учун шарт-шароитлар яратиш, иш берувчиларни ўқув жараёнига, касблар ва мутахассисликлар бўйича таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқишга жалб этиш;

профессионал таълим соҳасида ўтказилган илмий изланишлар натижаларини профессионал таълим муассасаларида тажриба-синовдан ўтказиш ишларини ташкил этиш;

иш берувчилар билан бирга ишлаб чиқариш участкалари, қўшма ва унитар корхоналар ташкил этиш асосида малакали кадрларни тайёрлашнинг дуал тизимини ривожлантириш;

ташкил этилган ишлаб чиқариш участкалари, қўшма ва унитар корхоналарда ўқувчиларни товар маҳсулотлар ишлаб чиқарган ҳолда меҳнат фаолиятига ва ишлаб чиқариш жараёнига фаол жалб этиш;

профессионал таълим муассасалари битирувчиларига битирув малакавий ишлари мавзуларини таклиф этиш жараёнига корхона, ташкилот ва бошқа иш берувчиларни жалб қилиш ҳамда ушбу битирув малакавий ишларида эришилган натижа ва ечимларни ёки ижрочи-битирувчиларнинг ўзларини бундай лойиҳаларни жойларда амалга оширишда иштирокини таъминлаш;

ишлаб чиқариш таълими усталари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш жараёнлари бевосита ишлаб чиқаришда амалга оширилишига эришиш, ишлаб чиқаришдаги малакали мутахассислар – ишлаб чиқариш вакилларини таълим жараёнига жалб этиш.

  1. Профессионал таълим муассасасида таълим дастурларини муваффақиятли битирган ўқувчига давлат намунасидаги диплом берилади.

Ушбу диплом олинган билим, кўникма ва малакаларни меҳнат фаолиятида қўллаш ҳуқуқини беради.

Олдин таълим олган касб ёки мутахассислик доирасида қўшимча квалификацияларни ўзлаштирган шахсларга белгиланган намунадаги гувоҳнома ёки сертификатлар берилади.

Битирувчиларга белгиланган тартибда тегишли разрядлар белгиланади.

  1. Профессионал таълим муассасаларида бериладиган давлат намунасидаги диплом, сертификат, гувоҳнома ва академик маълумотномалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Давлат намунасидаги ҳужжатларни тўлдириш, сақлаш, битирувчиларга бериш ва ҳисобини юритиш тартиби Вазирлик томонидан белгиланади.

  1. Давлат аттестациясидан ўтмаган битирувчиларга малака талаб этилмайдиган иш ўринларига жойлашиш ҳуқуқини берадиган маълумотнома берилади. Мазкур ўқувчилар 3 йил давомида давлат аттестацияси фаолият кўрсатаётган даврда қайта давлат аттестациясидан ўтишлари мумкин.

3 йил давомида давлат аттестациясидан ўтмаган битирувчилар тегишли курсда қайта ўқишлари мумкин.

4-боб. Ўқувчилар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш

  1. Ўқишни кўчириш ёки қайта тиклаш қоидага кўра, ёзги таътил даврида, тегишли курс (семестр)да ўқув машғулотлари бошланишига қадар амалга оширилади.
  2. Ўқишни кўчириш ёки қайта тиклаш ўқувчининг (ўқувчи вояга етмаган бўлса унинг ота-онасидан бирининг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) аризаси ва профессионал таълим муассасаси томонидан берилган академик маълумотнома, ўқувчининг курсдан курсга ўтганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма, ўқувчи паспорти нусхаси, вояга етмагани сабабли паспорти бўлмаганда туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда ота-онаси (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар)нинг доимий яшаш жойи кўрсатилган паспорти нусхасидан иборат ҳужжатлар йиғма жилди асосида кўриб чиқилади.
  3. Ўқувчиларнинг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклашда профессионал таълим муассасаси директори томонидан таълим дастурларидаги фарқларни ёки қарзларни топшириш тартиби ва муддатлари (икки ойдан ортиқ бўлмаган), шунингдек, ўқувчиларни ўқитиш курси белгиланади.
  4. Профессионал таълим муассасаси миқёсида бир даражадаги таълим дастурлари бўйича ўқишни кўчириш ёки таълим шаклини ўзгартириш масаласи мазкур профессионал таълим муассасаси томонидан кўриб чиқилади.
  5. Бошланғич профессионал таълим дастурида таълим олаётган ўқувчилар ўқишини умумий ўрта таълимнинг 10 ёки 11 синфларида ёки бошқа бошланғич профессионал таълим дастурларида таълимни давом эттириши учун ўқишини кўчириш бўйича мурожаат этишлари мумкин.

Умумтаълим мактабларида ўқишни давом эттириш истагидаги ўқувчиларнинг аризалари тегишли Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси томонидан ўқувчининг умумтаълим мактабларида ўқишни давом эттиришини ҳал этиш учун Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига юборилади.

Ўқишни кўчириш ҳудуд миқёсида тегишли Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси, бир минтақадаги профессионал таълим муассасасидан бошқа минтақанинг (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) профессионал таълим муассасасига кўчириш Вазирлик томонидан кўриб чиқилади.

  1. Давлат гранти асосида таълим олаётган ўқувчилар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклашда уларга давлат гранти асосида таълимни давом эттириш имконияти берилади.
  2. Ўрта профессионал таълим дастурлари доирасида ўқишни бошқа таълим муассасаларига кўчириш қабул қилувчи таълим муассасаси бўйсунувчи тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан амалга оширилади.
  3. Ўрта махсус профессионал таълим дастурлари бўйича ўқишни кўчириш қабул қилувчи таълим муассасаси тегишли бўлган олий таълим муассасасининг хулосасига кўра тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан амалга оширилади.
  4. Ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим дастурлари бўйича ўқувчилар ўқиши бир таълим шаклидан бошқа таълим шаклига кўчирилиши мумкин.
  5. Ўқишни қайта тиклаш ўқувчи таълим олган тегишли профессионал таълим муассасаси томонидан кўриб чиқилади ва ҳал этилади.

Ўқувчи олдин ўқиган касб ёки мутахассислик тўхтатилган бўлса, унинг хоҳишига кўра турдош касб ёки мутахассисликка ёки мазкур таълим муассасасида тегишли касб ёки мутахассислик бўлмаса, унинг ўқиши Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси томонидан бошқа таълим муассасасига тикланиши мумкин.

  1. Ўқув курсини тамомлаш якунлари бўйича ўқувчини навбатдаги курсга ўтказиш, такрорий йилга қолдириш ёки ўқувчилар сафидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинади.
  2. Ўқувчини курсдан-курсга ўтказиш, курсда қолдириш ёки ўқувчилар сафидан чиқариш профессионал таълим муассасасининг буйруғи билан амалга оширилади. Курсдан-курсга шартли равишда ўтказишга йўл қўйилмайди.
  3. Профессионал таълим дастурлари бўйича академик қарздорликка (ўзлаштирмасликка) эга бўлган ёки ўқув режаси талабларини бажармаган (ишлаб чиқариш ёки диплом олди амалиётидан ўтмаган, курс ишини топширмаган, 3 ва ундан ортиқ фан бўйича «қониқарсиз» якуний йиллик баҳо олган) ўқувчилари Педагогик кенгашнинг қарори бўйича тегишли таълим дастурида такроран ўқиш учун курсда қолдирилиши мумкин.

Ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим дастурлари асосида таълим олаётган ўқувчиларга ўзлаштирилмаган фанларни қайта топширишга қўшимча тўловларни амалга ошириш орқали рухсат берилади.

Ўқувчи такроран ўқиш учун курсда қолдирилганда унинг ўқиган ўқув йили учун тўлаган контракт пули қайтарилмайди ва такроран ўқиётган курси учун янгидан тўлов амалга оширилади.

  1. Профессионал таълим муассасаси ўқувчилари қуйидаги ҳолларда ўқишдан четлаштирилиши мумкин:

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида) академик таътил олганда;

ўқиши бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан;

доимий яшаш учун бошқа давлатга чиқиб кетганда;

суднинг қарори билан озодликдан маҳрум этилганда;

ўрта ёки ўрта махсус профессионал таълим дастурларида таълим олаётган ўқувчилар сафидан ўз хоҳишига кўра чиқаришни сўраб ариза билан мурожаат қилганда;

профессионал таълим муассасасининг уставида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганда;

вафот этганлиги сабабли;

узрсиз сабабларга кўра 74 соатдан ортиқ дарс қолдирганда.

  1. Ўрта ёки ўрта махсус профессионал таълим дастурларида таълим олаётган ўқувчилар қуйидаги сабабларга кўра ўқувчилар сафидан четлаштирилганда профессионал таълим муассасаси томонидан унинг ўқиган муддати учун ҳақиқатда сарфланган харажатлар чегирилган ҳолда тегишли ўқув йили ёки семестри учун олдиндан амалга оширилган тўловнинг қолган қисми контрактнинг тегишли тарафи ёзма мурожаатига кўра қайтариб берилади:

ўз хоҳишига биноан;

ўқишнинг бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан;

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);

ўқувчи суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;

вафот этганлиги сабабли.

  1. Профессионал таълим муассасалари ўқувчиларига академик таътил бериш тартиби Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади.

Профессионал таълим муассасаси ташаббуси билан ўқувчиларни касаллик, таътил, академик таътил ёки туғруқ таътиллари пайтида таълим муассасаси ўқувчилари сафидан чиқариб юборишга йўл қўйилмайди.

11-боб. Қайта ташкил этиш ва тугатиш

  1. Техникумни қайта ташкил этиш ёки тугатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 августдаги 466-сон қарорига
5-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари

РЎЙХАТИ

  1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2012 йил 6 июлдаги 200-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 йил, 7-сон, 49-модда).
  2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида» 2017 йил 1 майдаги 251-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 йил, 18-сон, 324-модда).

 

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.08.2020 й., 09/20/466/1164-сон)


Последнее редактирование: 05/03/2021 12:48;   Просмотров: 3876
 
Материал манзили: http://samsl.uz/documents/admissions-dismissal
Чоп этилган вақт: 29/01/2025 11:08
Фойдали сайтлар
Матнни эшитиш учун ушбу тугмани босинг