техникум регламенти
Самарқанд вилояти юридик техникумининг
УСТАВИ
1-боб. Умумий қоидалар
- Ушбу Устав ўрта махсус профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган техникумнинг мақоми, асосий мақсад ва вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
- Самарқанд вилояти юридик техникуми (кейинги ўринларда – техникум) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ–3666-сон “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган.
- Техникум – Халқаро таснифлагичнинг 5-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида олий таълим тизими билан интеграциялашган ўрта махсус профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган давлат таълим муассасаси ҳисобланади.
- Техникум ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (кейинги ўринларда – Адлия вазирлиги), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ҳайъат қарорлари ва буйруқлари, Тошкент давлат юридик университети (кейинги ўринларда – университет) Кенгаши қарорлари ва ректори буйруқлари, Самарқанд вилояти адлия бошқармасининг (кейинги ўринларда – адлия бошқармаси) топшириқ ва кўрсатмалари, шунингдек, мазкур Уставга амал қилади.
- Техникум адлия бошқармаси тузилмасига киради.
Техникум фаолияти маҳаллий ва хорижий грантлар, таълим хизматларини кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик маблағлари, ўқувчиларни давлат буюртмаси ва тўлов-контракт, шу жумладан табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари асосида молиялаштирилади.
Адлия бошқармаси техникум ўқувчиларининг касбий таълим жараёнида амалий кўникмаларини шакллантиришда, меҳнат бозорида Халқаро таснифлагичнинг 5-даражасига мос келувчи мутахассисларга (кейинги ўринларда – мутахассислар) бўлган эҳтиёжни аниқлашда, битирувчиларни иш билан таъминлашда кўмаклашади.
- Техникум ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, нотариал идоралар, ФҲДЁ ва адвокатура ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.
- Техникум юридик шахс ҳисобланиб, ўзининг мустақил балансига, алоҳида мол-мулкига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва номи давлат тилида ёзилган муҳрга, штампга, давлат намунасидаги бланкаларга, шахсий ғазна ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги ва бошқа ҳисобварақларига, реквизитларга эга бўлган, ўз номидан шартномалар тузадиган, мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларни амалга оширадиган, юкланган мажбуриятларни бажарадиган ҳамда суд, арбитраж органларида даъвогар ва жавобгар бўладиган таълим муассасаси ҳисобланади.
- Техникумнинг расмий номланиши:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи: “Samarqand viloyati yuridik texnikumi” (Самарқанд вилояти юридик техникуми), қисқартирилган номи – “SVYuT” (СВЮT);
б) инглиз тилида:
тўлиқ номи: “Samarkand school of law”, қисқартирилган номи – “SSL” ;
в) рус тилида:
тўлиқ номи: “Юридический техникум Самаркандской области”, қисқартирилган номи – “ЮТСО”.
- Техникумнинг жойлашган жойи (почта манзили): 703030, Самарқанд шаҳри, Саттепо маскани, Туркистон кўчаси, 5 А уй.
2-боб. Техникумнинг асосий мақсад ва вазифалари
- Техникумнинг асосий мақсади:
Халқаро таснифлагичнинг камида 3 ёки 4-даражасига мос таълим дастурларини тамомлаган, умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар ҳисобидан “Ҳаёт давомида таълим олиш” принципи асосида шакллантирилган гуруҳларда касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилдан кам бўлмаган муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида кадрлар тайёрлаш;
кадрлар буюртмаси асосида профессионал касбий малакага эга бўлган кадрлар тайёрлаш;
халқаро таснифлагичнинг 5-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида олий таълим тизими билан интеграциялашган ўрта махсус профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлаш;
ўқувчиларни танланган мутахассислик бўйича замонавий талабларга жавоб берувчи, пухта билим, амалий кўникма ва малакага ҳамда юксак маънавий-ахлоқий сифатларга эга бўлган, интеллектуал жиҳатдан етук кадрлар этиб тайёрлашдан иборат.
- Қуйидагилар техникумнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
иқтисодиёт соҳа ва тармоқларида талаб юқори бўлган тор доирадаги ва соҳавий мутахассисликлар бўйича тизимли фикрлаш, иш юритиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш кўникмаларига эга ҳамда хорижий тилларни биладиган юридик кадрлар тайёрлаш;
эгаллаган мутахассислик бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган, юқори даражада сифатли билим олишни ва касбий тайёргарликни таъминлайдиган таълим стандартлари доирасида танланган мутахассислик бўйича ўқитиш;
танлаб олинган мутахассислик бўйича бир ёки бир неча квалификацияни эгаллаш жараёнида ўқувчиларнинг касбий лаёқат, кўникма ва малакаларини ошириш;
таълим жараёнини ўқув жараёнига илғор стандартларни жорий этишга қаратилган замонавий шакллар ва услублар, инновацион педагогик технологиялар асосида ташкил этиш;
ўқув жараёнига тегишли мутахассислик ва касблар бўйича бой иш тажрибасига эга бўлган амалиётчи мутахассисларни кенг жалб этган ҳолда юридик таълим ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ўзаро яқин ҳамкорлигини таъминлаш;
мутахассисларни тайёрлаш тизими ва мазмунини жамият эҳтиёжларидан, фан, маданият ва замонавий инновацион техника ютуқларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш;
ўқувчиларда ватанпарварлик, миллий ўзликни англаш, халқнинг миллий, маданий, тарихий анъаналарига ҳурмат, Ватан билан ғурурланиш ва ифтихор туйғусини шакллантириш;
замонавий инновацион ўқув лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, шунингдек, ўқувчилар амалиётини ташкил этиш учун тегишли ҳудудлардаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, бошқа ташкилотлар, таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш;
ўқувчилар учун мўлжалланган янги авлод дарсликлари, махсус
ўқув-услубий адабиёт яратишда иштирок этиш;
ўқувчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялашнинг самарали шакллари
ва усулларидан фойдаланган ҳолда камол топтириш;
таълим стандартлари талабларига кўра ўқувчилар эгаллаши лозим бўлган малака ва кўникмаларни ўқувчилар онгига сингдириш;
ўқитувчи, таълим олувчиларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини жорий этиш, уларнинг билим олиши, турмуши ва дам олиши учун етарли шарт-шароитлар яратиш;
таълим жараёни учун зарур моддий-техника, ўқув-методик базани яратиш ва ўқув жараёнига юқори иш тажрибасига эга бўлган амалиётчи мутахассисларни жалб этиб бориш.
Техникум қонун ҳужатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
3-боб. Техникумнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
- Техникум:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз номидан юридик ва жисмоний шахслар билан ваколати доирасида шартномалар ва норматив ҳужжатлар тузиш;
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги билан тақиқланмаган ва ушбу Уставга зид бўлмаган фаолиятни амалга ошириш;
таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида ўқитувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида танловларни ташкил этиш;
республика иқтисодиёти, хўжалик ва хизмат кўрсатиш соҳасида мутахассисларга бўлган талаб ва реал эҳтиёжлар асосида белгиланган тартибда тегишли мутахассислар тайёрловчи қўшимча йўналишлар, шартнома асосида касбга тайёрловчи қисқа муддатли ўқув курслари очиш;
техникум ўқувчиларининг касбий кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек қўшимча маблағлар жалб этиш мақсадида пуллик хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш;
тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан тушган маблағларни техникумнинг моддий-техник базасини ривожлантиришга ва таълим-тарбия жараёнини замонавий ўқув-техник воситалар, мебеллар билан таъминлашга, техникум ходимларини ижтимоий ҳимоялашга ва уларнинг фаолият самарадорлигини оширишни рағбатлантиришга сарфлаш ҳуқуқига эга.
Техникум қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
- Техникум:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг таълим-тарбия соҳасидаги фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ва фармойишлари, Адлия вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ва бошқа ваколатли давлат органларининг тегишли ҳужжатларида белгиланган вазифаларни бажаришга;
техникумнинг моддий-техник базасини ривожлантириш, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда маблағ билан таъминлашнинг муқобил манбаларини, шу жумладан, ташкилотлар, ҳомийлар маблағларини, хорижий инвестицияларни жалб этишга;
таълим стандартлари, ўқув режаси ва фан (модуль) дастурлари асосида юқори сифатли ўрта махсус профессионал таълимни беришга;
техникум ахборот-ресурс маркази фондини умумий ўқувчилар сонини ҳисобга олган ҳолда замонавий талабга жавоб берадиган дарсликлар ва ўқув-методик адабиётлар (шу жумладан, бадиий адабиётлар) мажмуи билан етарли даражада мунтазам равишда тўлдириб боришни таъминлаш ҳамда ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникацион технологияларини жорий этишга;
техникум ўқитувчилари малакасини ошириш, тажриба алмашинувини ташкил этиш ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга;
таълим жараёни қатнашчиларини ижтимоий ҳимоя қилишга;
педагогик фаолиятнинг сифати, ижтимоий мақоми, нуфузи
ва обрў-эътиборини ошириш борасида фаолият кўрсатишга;
меҳнат муҳофазаси талабларига жавоб берадиган таълим-тарбия
ва меҳнат шароитларини яратишга мажбур.
Техникум қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.
4-боб. Таълим олувчилар
- Техникумга ўқувчиларни ўқишга қабул қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
- Қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқишга қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар техникум ўқувчиси ҳисобланади.
- Ўқишда эришган ютуқлари, ўқув-ишлаб чиқариш, ижодий фаолият ва техникумнинг бошқа ишларида фаол қатнашган ўқувчиларга моддий ва маънавий рағбатлантиришнинг турли хил шакллари қўлланилади.
- Техникум ўқувчилари:
техникум фаолиятига доир масалаларни муҳокама ва ҳал этишда бевосита ёки билвосита (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат ташкилотлари орқали) иштирок этиш;
белгиланган тартибда техникум директорининг буйруқлари устидан шикоят қилиш;
таълим дастурлари бўйича таълимни давом эттиришини тўхтатиш бўйича техникум раҳбариятига мурожаат қилиш;
касбий компетенцияларни ривожлантиришга қаратилган турли кўрик-танловларда белгиланган тартибда иштирок этиш;
иш берувчилар томонидан тавсия қилинган иш жойларида ишлаш бўйича мурожаат қилиш;
фан, техника ва замонавий маданиятнинг ривожланишига мос билимларни олиш;
Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг техникумдаги бошланғич ташкилотига сайлаш ва сайланиш, таълим муассасаси фаолиятига тегишли муҳим масалаларни муҳокама қилишда иштирок этиш;
ўқув-тарбия жараёнида белгиланган тадбирларни ўтказишда хона
ва ўқув хоналари, лаборатория, ахборот-ресурс маркази ва таълим муассасасининг бошқа тармоқларидан бепул фойдаланиш;
ўқишини бошқа таълим муассасасига кўчириш;
академик таътил олиш;
ўқишини қайта тиклаш;
қонун ҳужжатларига мувофиқ таълим муассасасининг тегишли йўналишларида таълимни давом эттириш;
таълим олишда ўрта махсус профессионал таълим дастурида ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Ўқувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланишлари мумкин.
- Техникум ўқувчилари:
таълим стандартларида белгиланган талабларни ўқувчилар белгиланган муддатларда бажариши ҳамда билим ва кўникмаларни эгаллаш;
ўқув режа ва дастурларида назарда тутилган талабларни белгиланган муддатларда бажариш ҳамда билимларни эгаллаш;
узрсиз сабабларга кўра дарс машғулотларини қолдирмаслик;
мазкур Устав, техникумнинг Ички тартиб-қоидалари, Одоб-ахлоқ қоидаларига ҳамда ўқув интизомига риоя қилиш;
техникум бинолари ва унинг мол-мулкини асраб-авайлаш;
тўлов-контракт бўйича мажбуриятларини ўз вақтида бажаришга мажбур.
Техникум ўқувчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.
5-боб. Ўқув-тарбиявий ва маънавий-маърифий ишлар
- Техникум “юриспруденция” йўналиши бўйича ўрта махсус профессионал таълим асосида ўқитишни амалга оширади.
Техникумда таълим бериш камида 2 йил муддатда кундузги, кечки, сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Бунда, кечки ва сиртқи таълим шаклида ўқиш муддати ва семестрлар давомийлиги Адлия вазирлиги томонидан белгиланган меъёрлар асосида шакллантирилади.
- Таълимнинг мазмуни Давлат таълими стандартлари асосида университет томонидан ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлар асосида белгиланади.
Ҳар бир мутахассисликлар бўйича кадрларнинг тайёргарлик даражасига қўйиладиган талаблар Давлат таълим стандартларига мос бўлган касблар таснифлагичида белгиланади.
- Техникумда таълим жараёни кредит-модуль тизими асосида ҳуқуқшунослик фанлари бўйича ўқувчиларда тизимли фикрлаш, иш юритиш кўникмаларини ривожлантириш, процессуал ҳужжатлар тузиш қобилиятини шакллантириш, чет тиллар бўйича ўқув юкламасини ошириш назарда
тутилган ҳолда ва иш берувчиларнинг замонавий тенденциялари ҳамда эҳтиёжларини ҳисобга олишга қаратилган, чуқурлаштирилган ва касбга йўналтирилган ўқув режаси, дастури ҳамда ўқув-методик материаллар бўйича ташкил этилади. - Техникумда ўрта махсус профессионал таълим дастурларини бажариш қонун ҳужжатларида белгиланган даврда амалга оширилади.
Техникумда:
ўқувчилар ўқитиш курслари бўйича гуруҳларга бирлаштирилади;
гуруҳларни тўлдириш, ўқитувчиларнинг ўқув юкламаси ва ўқув-тарбия жараёнини белгилаш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
- Гуруҳларда ўқувчилар сони ўрта махсус профессионал таълимга мўлжалланган давлат таълим стандартларига мувофиқ белгиланади.
- Техникумда, қоида тариқасида, ўқув машғулотларининг маъруза, семинар ва амалий машғулот каби турлари белгиланади.
- Таълим-тарбия ишлари тегишлича давлат ва рус тилларида олиб борилади.
- Ўқув йилининг бошланиши, тугалланиши, ҳафталик юклама, имтиҳон ва таътилларнинг муддати, давомийлиги, шунингдек ўқув жараёни якунланиш шакллари ва амалиёт турлари ўқув режалари ҳамда белгиланган норматив хужжатлар асосида белгиланади.
- Ўқувчиларнинг билим савияси ва ўзлаштириш даражасининг давлат таълим стандартларига мувофиқлигини таъминлаш учун тегишли назорат турлари, шу билан бирга, ўқишни тамомлашда якуний давлат аттестацияси ўтказилади.
- Техникум ўқувчиларининг назарий билимлари ва амалий кўникмаларини белгиланган рейтинг тизими асосида баҳолаш Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланган низомга мувофиқ амалга оширилади.
- Ҳар бир курсда ўқиш тугагандан кейин назоратларнинг якуний натижаларига кўра, ўқувчиларни кейинги курсга ўтказиш, курсда қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинади. Ўқувчиларни курсдан курсга ўтказиш, курсда қолдириш техникум директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
Курсдан курсга шартли равишда ўтказишга йўл қўйилмайди.
Курсда қолдирилган ўқувчилар янги ўқув йили бошлангунга қадар қонун ҳужжатларига мувофиқ қайта тикланади.
- Ўқув режа ва фан (модуль) дастурларнинг барча талабларини бажарган битирувчи курс ўқувчиси якуний давлат аттестациясига қўйилади.
- Техникум битирувчиларига давлат таълим стандартларига мувофиқ, ўрта махсус профессионал таълимдаги йўналишлар, касблар ва мутахассисликлар бўйича малака даражаси кўрсатилган ҳолда, ўрта махсус профессионал таълим тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади.
Дипломларга ўзлаштирилган фанлар (курслар), соатлар ҳажми ва улар бўйича кредитлар, шунингдек битирувчининг умумий рейтинги ва якуний давлат аттестацияси натижалари кўрсатилган ҳолда қўшимча варақ илова қилинади.
Техникумни тугатганлик тўғрисидаги диплом олинган мутахассисликка мувофиқ меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳамда олий таълим муассасасига ўқишга кириш ҳуқуқини беради.
Давлат аттестациясидан ўтмаган техникум битирувчиларига эса таълим даражасига талаб қўйилмайдиган ишга жойлашиш ҳамда уч йил мобайнида такрорий давлат аттестациясидан қайта ўтиш ҳуқуқини берадиган таълим муассасасини тамомлаганлик тўғрисидаги маълумотнома берилади.
- Ўқув дастурларини ўзлаштиришда ўқув режасидаги барча фанларнинг камида 4/5 қисми бўйича 86 балл ва ундан юқори ўзлаштириш кўрсаткичларига эришган, (бошқа фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи 71 баллдан кам бўлмаган), шунингдек якуний давлат аттестацияси синовларининг ҳар бири бўйича камида 86 балл ўзлаштириш кўрсаткичларига эга бўлган ўқувчиларга “имтиёзли” диплом берилади.
Техникум битирувчилари ичидан белгиланган талабларга жавоб берувчи энг муносибларини қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқишнинг тугашидан сўнг уч йил давомида узлуксиз ишлаб бериш мажбуриятини олган ҳолда Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган ўринлар доирасида университетга кириш тест синовларисиз якка тартибдаги суҳбат ўтказиш орқали қабул қилиш учун йўлланма берилади.
Йўлланма бериш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
- Техникумда маънавий-маърифий, ахлоқий-тарбиявий ишлар умумбашарий қадриятларга ва миллий анъаналарга асосланади.
Техникумда Ўзбекистон мустақиллиги тамойилларига садоқатли ҳамда жамият тараққиётига ҳисса қўшишга қодир шахсни тарбиялаш ўқув жараёни билан узвий равишда оила, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш
органлари ва бошқа жамоат ташкилотлари иштирокида амалга оширилади.
- Техникумда ёш авлодни маънавий-аҳлоқий, миллий ғояларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мустақил дунёқарашга ва фикрлашга эга бўлган маънавий бой ва ҳар томонлама камол топган шахсни шакллантиришда миллий-маданий, тарихий анъаналарга, урф-одатлар ҳамда умумбашарий қадриятларга асосланган тарбиявий ишларнинг турли хил шакллари қўлланилади.
- Техникум ўқувчиларида таълим муассасаси ва танлаган касбни эгаллаш бўйича берилган имкониятларидан ғурурланиш ҳиссини оширишга, билим олиш ва маданият даражасини юксалтиришга қаратилган турли хил тадбирлар ташкил қилинади.
- Техникумда маънавий-маърифий, ахлоқий-тарбиявий ишларни амалга ошириш соҳасида:
ватанпарварлик ва миллий мустақиллик ғояларига садоқатли ҳамда жамият тараққиётига ҳисса қўшишга қодир шахсни тарбиялаш ўқув жараёни билан узвий равишда оила, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Маънавият ва маърифат маркази ва бошқа жамоат ташкилотлари иштирокида амалга оширилади;
ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялашда халқнинг бой миллий-маданий, тарихий анъаналарига, урф-одатларига асосланган тарбиявий ишларнинг турли шаклларини оммалаштириш мақсадида техникумнинг веб-сайти ва ижтимоий саҳифаларини яратиш йўлга қўйилади;
ўқувчиларнинг ўз интеллектуал даражасини оширишлари учун бадиий адабиётларни ўқишга қизиқтириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга доир тарғибот ишларини олиб бориш янги адабий китобларнинг тақдимотини уюштириш ва тарғиб қилиш орқали амалга оширилади;
техникум ўқувчиларида мулоқот маданиятининг замонавий шаклларини яратиш мақсадида тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда баҳс-мунозаралар ва давра суҳбатлари уюштирилади;
чет тилларидаги бадиий адабиётлар, илмий материалларни ўрганиш
ва таълим-тарбияга татбиқ этиш мақсадида видеороликлар, буклетлар, флаерлар тайёрлаш йўлга қўйилади;
ёш авлодни маънавий-ахлоқий, миллий ғояларга садоқат
ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мустақил дунёқарашга ва фикрлашга эга бўлган маънавий бой ва ҳар томонлама камол топган шахсни шакллантиришда миллий-маданий, тарихий анъаналарга, урф-одатлар ҳамда умумбашарий қадриятларига асосланган тарбиявий ишларнинг турли хил шакллари қўлланилади;
ўқувчиларда таълим муассасаси ва танлаган касбни эгаллаш бўйича берилган имкониятлардан ғурурланиш ҳиссини оширишга қаратилган тадбирлар ишлаб чиқилади;
ўқув йилининг биринчи куни вазирлик, ҳокимият, ҳудудий касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси, олий таълим муассасалари ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида ўқувчиларнинг тантанали сафланиши, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини олиб чиқиш, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ижро этиш билан бошланади ва белгиланган тадбир асосида давом эттирилади;
биринчи машғулот Ўзбекистон Республикасининг миллий мустақиллик ғояларига бағишланади;
техникумда гуруҳ мураббийларини ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан ишлаш механизми яратилади;
ўқувчиларнинг электрон ўқув ресурсларидан онлайн режимда фойдаланиш таъминланади;
техникумнинг замонавий веб-сайти ва ижтимоий тармоқларда саҳифаси яратилади;
техникумнинг таълим ва спорт тўгараклари, ахборот-ресурс марказида ўқувчиларнинг билим олиши ва маданияти даражасини юксалтириш бўйича доимий мониторинг тизимини йўлга қўйилади;
техникумда ўқувчилар мулоқот қилишининг замонавий шаклларини яратиш мақсадида тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда баҳс-мунозаралар клублари, ўқувчиларни қизиқтирган мавзулар бўйича коллоквиумлар ташкил қилинади;
билим олишга интилиш, ўз интеллектуал даражасини ошириш, бадиий китоблар ўқишга қизиқиш ва турли ёшлар тадбирларини ўтказишга даъват этадиган тарғибот, шу жумладан чет тиллардаги материаллар (видеороликлар, плакатлар, буклетлар, флаерлар ва бошқалар) тайёрланади;
ўқувчиларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини, ижтимоий фаоллигини ошириш, адабий китоблар ўқишга қизиқтириш ва турли ёшлар тадбирларини ўтказиш мақсадида ёшлар фаолларини улар билан ишлашга жалб қилиш чоралари кўрилади;
Адлия вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, университет, бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирокида ёшларга оид муҳим масалаларни муҳокама этиш учун мунтазам равишда учрашувлар ўтказиб боради.
6-боб. Техникумга раҳбарлик қилиш ва ўқув-услубий фаолиятини мувофиқлаштириш
- Адлия бошқармаси техникум фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, назоратни ташкил этади, ташкилий-кадрлар ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чораларини кўради.
Университет техникум ўқув-услубий жараёнини мувофиқлаштиради ҳамда уларга амалий ва ахборот-ресурс таъминоти жиҳатидан ёрдам кўрсатади.
- Университет:
а) техникум ўқув-методик жараёнини мувофиқлаштиришнинг самарали механизмини яратиш бўйича:
“юриспруденция” йўналиши бўйича замонавий стандартларни ҳисобга олган ҳолда ўрта махсус профессионал таълим мутахассисликлари ва касблари бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва фан (модуль) дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
техникумни ўқув-методик жараённи ташкил этиш соҳасидаги янгиликлар ҳақида, шу жумладан, сайёр маслаҳатларни ўтказиш орқали доимий хабардор қилишни йўлга қўяди;
таълим жараёнида ўқувчиларнинг мантиқий ва тизимли фикрлаш, ҳуқуқий ҳужжатларни тузиш амалий кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган юридик фанларни ўқитишнинг замонавий шакл ва усулларини, педагогик, ахборот-коммуникация, инновацион технологияларни қўллашда кўмаклашади;
техникум учун мўлжалланган янги авлод дарсликлари, махсус ўқув-методик адабиётларни яратиш бўйича ишларни ташкил этади;
б) техникум ўқувчилари билим олиши ва маданияти даражасини оширишнинг доимий мониторинги олиб борилишини назарда тутадиган тизимни жорий этиш бўйича:
ўқувчиларнинг клублар, тўгараклар ва спорт секциялари шаклидаги ижтимоий тадбирларда иштирокини ташкил этади ва ҳисобга олиб боради;
ўқувчиларнинг ахборот-ресурс марказларидан фойдаланишини рағбатлантириш чораларини кўради;
техникум фаолиятига раҳбарлик қилиш ва назоратни ташкил этиш бўйича адлия бошқармасига доимий асосда амалий кўмаклашади;
ўқув жараёнини ташкил этиш, унинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан Адлия вазирлигига таклифлар киритади.
- Техникумни бошқариш техникум директори томонидан амалга оширилади.
Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимига кўра техникум директори ҳисобланади.
Техникум директори бўлмаган вақтда унинг вазифаларини ўринбосарлардан бири (лавозимига кўра) вақтинча бажаради.
- Техникум директори:
техникум фаолиятига раҳбарликни амалга оширади ва техникумга юкланган вазифалар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
ўринбосарлар ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, техникумнинг таркибий бўлинма раҳбарлари ваколатларини, уларнинг фаолияти учун жавобгарлигини ўрнатади;
техникум фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ҳайъат қарорлари ва буйруқлари, университет Кенгаши қарорлари ва ректори буйруқлари, адлия бошқармасининг топшириқ ва кўрсатмаларини амалга оширишни ташкил этади;
қонун ҳужжатларига асосан техникум номидан иш олиб боради, барча ташкилотларда унинг вакили сифатида қатнашади, шартномалар тузади, ишончномалар беради;
техникум таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;
техникум ўқитувчи ва ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;
техникум таркибий бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлайди
ва лавозимдан озод қилади;
техникум ходим ва ўқувчилари учун бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;
техникумнинг ташкилий ва молиявий фаолияти масалаларини ҳал қилади;
техникумнинг мол-мулкига эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш бўйича белгиланган тартибда қарорлар қабул қилади;
техникумнинг штат жадваллари ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;
техникум ўқитувчи ва бошқа ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этади, ўрнак кўрсатган техникум ходимларига унвонлар бериш ва давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида таклифлар киритади.
Техникум қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
- Техникум фаолиятининг асосий масалаларини кўриб чиқиш учун Техникум кенгаши (кейинги ўринларда – Кенгаш) ташкил этилади, шунингдек ота-оналар кенгаши, Жамоатчилик кенгаши тузилади ва фаолият юритади.
Кенгаш тўғрисидаги низом ва унинг иш режаси Кенгаш йиғилишида тасдиқланади.
Кенгаш таркиби директор томонидан тасдиқланади. Кенгаш таркибига директор ўринбосарлари, котиб, таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва юқори малакали ўқитувчилар киради. Кенгаш таркибига Адлия вазирлиги, Олий
ва ўрта махсус таълим вазирлиги, университет ва бошқа манфаатдор вазирлик, ташкилот ва идораларнинг вакиллари, етук мутахассислар киритилиши мумкин.
Кенгашнинг регламенти Кенгаш томонидан тасдиқланади.
Кенгаш қарорларининг ижроси директор ва унинг ўринбосарлари томонидан таъминланади.
- Кенгашнинг ваколатларига қуйидагилар киради:
техникум фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси
ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ҳайъат қарорлари ва буйруқлари, университет Кенгаши қарорлари ва ректори буйруқлари, адлия бошқармасининг кўрсатмалари ва топшириқлари ижроси таъминланишини таҳлил қилиш;
техникумнинг йиллик иш режаси, Кенгашнинг иш режаси ва бошқа режаларни тасдиқлаш;
бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар сарф-харажати ҳисоботларини кўриб чиқиш;
техникум педагогик жамоасининг фаолиятини ўқувчиларнинг эгаллаши лозим бўлган билим, кўникма ва малакаларини таъминлашга, ўқувчиларга таълим бериш сифатини оширишга йўналтириш;
университет билан ҳамкорликда ўқув-услубий жараённи ташкил этиш, моддий-техник базадан унумли фойдаланиш масалаларини кўриб чиқиш;
техникум ўқитувчиларининг йўналишлар бўйича ахборотлари
ва ҳисоботларини эшитиш, таълим муассасасининг санитария-гигиеник ҳолати, ёнғинга қарши амалга ошириладиган ишлар, меҳнатни муҳофаза қилиш, ўқувчиларнинг соғлиғи ва ҳаётига оид ҳамда бошқа масалаларни муҳокама қилиш ва қарор қабул қилиш;
техникум гуруҳ мураббийлари фаолияти тўғрисидаги ахборотларни тинглаш;
қабул комиссиясининг техникумга ўқувчиларни қабул қилиш юзасидан ҳисоботини эшитиш;
ўқувчиларга таълим беришда ўқитишнинг илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни татбиқ этиш чораларини кўриш;
ўқувчиларни юксак маънавий-ахлоқий, умуминсоний ва миллий руҳда, ўз Ватани, халқини ардоқловчи, тинчлик ва барқарорликка қаратилган миллий қадриятлар асосида тарбиялаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
техникумда ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш ва таълим самарадорлигини ошириш бўйича зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган қарорлар қабул қилиш;
ўқувчиларни курсдан курсга ўтказиш, курсда қолдириш, четлаштириш, ўқишга тиклаш, Якуний давлат аттестацияси имтиҳонларига қўйиш, битирувчиларга ўқишни тамомлаганлик тўғрисидаги дипломлар, шу жумладан, уларнинг дубликатини бериш масалаларини кўриб чиқиш;
битирувчиларнинг иш билан таъминланганлик ҳолатини таҳлил этиш;
юқори малакали педагогларнинг иш тажрибаларини ўрганиш ва оммалаштириш, уларни давлат мукофотларига тавсия этиш, ёш педагог ўқитувчиларга методик ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш;
ўз ваколати доирасида локал ҳужжатларни тасдиқлаш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш;
чин етим, етим, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ўқувчиларни ҳар томонлама ижтимоий ҳимоя қилиш;
ўқувчилар турар жойлари учун ойлик тўлов миқдорларини белгилаш, шунингдек ижтимоий ҳимояга муҳтож ўқувчиларни ушбу тўловлардан озод қилиш;
директор ўринбосарлари, таркибий бўлинма раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш.
Кенгаш коллегиал муҳокама қилиш талаб этиладиган, техникум фаолиятига тааллуқли бўлган бошқа ҳар қандай масалани ҳам кўриб чиқиш ва унинг юзасидан қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.
- Техникумда фан кафедралари ва университетнинг кафедра филиаллари ташкил этилади.
Ташкил этилган кафедралар улар фаолияти тўғрисидаги низомлар билан тартибга солинади.
- Техникумнинг ўқитувчилари ва университет кафедраларининг профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда таълим сифатини ошириш борасида ҳамкорлик йўлга қўйилади.
- Техникум директори таълим муассасасидаги ўқув-тарбия ва илмий-методик ишлар самарадорлиги бўйича университетнинг кенгашида хисобот беради.
Университет кенгаши йигилишларида техникум директори иштирок этади.
7-боб. Техникум ходимлари
- Техникумда педагог, бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва
ўқув-ёрдамчи ходимлар фаолият юритади. - Белгиланган талабларга мувофиқ тегишли олий маълумотга, касб тайёргарлиги ва замонавий талабларга жавоб берадиган, юксак малака, профессионал тайёргарлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган шахслар техникумда педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.
Суд қарори билан ўрта махсус профессионал таълим муассасаларида ишлаши тақиқланган шахсларнинг техникумда фаолият олиб боришига йўл қўйилмайди.
- Техникумга ходимларни ишга қабул қилиш адлия органлари
ва муассасалари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг мутахассислари ўриндошлик асосида ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда соатбай иш ҳақи тўлаш шартлари асосида педагогик фаолиятга жалб этилиши мумкин.
- Раҳбарият, педагог, бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва
ўқув-ёрдамчи ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари техникумнинг ички
тартиб-қоидалари, одоб-ахлоқ қоидалари ва лавозим йўриқномаларида белгиланади. - Техникумнинг ўқитувчи ва бошқа ходимлар таркибини даврий аттестациядан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
- Техникум директорининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
8-боб. Нодавлат нотижорат ташкилотлари
- Техникумда ўқувчилар, раҳбарият, ўқитувчи, ўқув-ёрдамчи, техник
ва хизмат кўрсатувчи ходимларни бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари тузилиши мумкин.
Ушбу ташкилотлар ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб боради.
- Техникум таркибида касаба уюшмаси, хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, мураббийлар кенгаши ва таълим-тарбия жараёнига дахлдор бўлган бошқа жамоат тузилмалари ташкил этилади.
- Ёшлар иттифоқининг техникумдаги бошланғич ташкилоти ўзини ўзи бошқарадиган нодавлат нотижорат ташкилот бўлиб, ёшларни ихтиёрий равишда бирлаштиради ҳамда ошкоралик ва адолат тамойиллари асосида иш юритади.
- Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва тегишли қонун ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти низоми асосида фаолият кўрсатади.
- Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг мақсад-вазифалари техникум ёшларини бирлаштириш, соғлом турмуш тарзи асосида тарбиялаш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга кўмаклашиш, уларнинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишдан иборатдир.
- Техникум ходимлари ва ўқувчиларининг кўнгилли жамоат бирлашмаси сифатида Касаба уюшмаси қўмитаси эътироф этилади.
- Касаба уюшмаси қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунига ва бошқа тегишли норматив ҳужжатларга мувофиқ иш кўради.
9-боб. Техникум битирувчиларини ишга жойлаштириш
ва бандлигини таъминлаш
- Техникум битирувчиларини ишга жойлаштириш ва бандлигига кўмаклашиш битирувчилар ва уларнинг ота-оналари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, шу жумладан меҳнат ва аҳоли бандлиги органлари, васийлар ҳамда адлия органларининг
саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилади.
Техникум битирувчиларини ишга жойлаштириш ва бандлигига кўмаклашишда:
ҳудуддаги ўрта махсус профессионал таълим маълумотли юридик кадрларга бўлган эҳтиёжни ўрганиш ҳамда шундан келиб чиқиб битирувчиларни ишга тақсимлаш;
техникум, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, битирувчилар ва иш берувчилар ўртасида белгиланган тартибда шартномалар тузиш;
янги иш ўринлари яратиш ишларини ташкил этишда тегишли ташкилотлар иштирокида техникум битирувчилари учун иш ўринларининг касбий таркибини аниқлаш;
иш берувчилар ва техникум битирувчиларини жалб этган ҳолда иш ўринларининг мунтазам ярмаркаларини ўтказиш;
битирувчиларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда кўмаклашиш мақсадида улар учун Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг ҳудудий органлари иштирокида бизнес-лойиҳаларни ишлаб чиқиш, битирувчиларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш ва ўзини ўзи иш билан банд этиш даражасини ошириш мақсадида имтиёзли кредитлар бериш йўли билан амалга оширилади.
- Техникум, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, битирувчилар ва иш берувчилар ўртасидаги шартномаларни тузиш, қайта тузиш ўқувчилар таълим олишининг бутун даври жараёнида, шунингдек оралиқ ва давлат аттестацияси якунлари бўйича амалга оширилиши мумкин.
10-боб. Техникумнинг молия-хўжалик фаолияти
- Техникум фаолиятини молиялаштириш манбалари қуйидагилар:
Техникумда кам таъминланган оилалардан ўқувчилар, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, I гуруҳ ногиронлиги бўлган ўқувчиларнинг таълим олиши билан боғлиқ, шунингдек техникумни зарур ўқув ва спорт ускуналари, компьютер техникаси ва ахборот-ресурс фонди билан жиҳозлаш харажатларини молиялаштиришга ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
Адлия вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари;
Самарқанд вилояти адлия бошқармасининг бюджетдан ташқари маблағлари;
ўқувчиларни тўлов-контракт, шу жумладан табақалаштирилган тўлов-контракт шакли асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
пулли таълим хизматлари кўрсатишдан, илмий-педагогик, ишлаб чиқариш фаолиятидан ва касб-ҳунар таълими муассасаларининг уставда қайд этилган вазифаларига мувофиқ бўлган ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятнинг бошқа турларидан олинган даромадлар;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайрия ёрдамлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.
- Техникумнинг молиявий маблағи унинг тўлиқ ихтиёрида бўлиб, қонун билан белгиланган тартибда таълим муассасасининг эҳтиёжини қондиришга ишлатилади.
- Бино, хоналар меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига, санитария-гигиена меъёрларига ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мувофиқ жиҳозланади ва фойдаланилади.
- Техникум ўз фаолияти натижаларининг бухгалтерия ҳисобини белгиланган тартибда амалга оширади, молия ва статистика ҳисоботларини юритади ҳамда уни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда
Адлия вазирлиги ва бошқа тегишли органларга тақдим этади. - Техникумнинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.
11-боб. Якуний қоидалар
- Техникум қонун ҳужжатларига мувофиқ таълим масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Техникум қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хорижий фуқароларни ўқитиши мумкин.
- Техникумни қайта ташкил этиш ёки тугатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Последнее редактирование: 12/04/2022 13:27; Просмотров: 3423
Чоп этилган вақт: 29/01/2025 10:48