ЮРИДИК КОЛЛЕЖ ИСЛОҲОТЛАРИ
Адлия вазирлиги фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бир қатор коллежлар юридик коллежларга айлантирилди.
Юридик коллежларнинг ўқув-методик жараёнини мувофиқлаштириш, уларга амалий ва ахборот-ресурслари жиҳатдан кўмаклашиш Тошкент давлат юридик университети томонидан, уларнинг фаолиятига раҳбарлик қилиш ва назоратни ташкил этиш ҳамда ташкилий-кадрлар базасини мустаҳкамлаш эса – ҳудудий адлия органлари томонидан амалга оширилади. Юридик коллежларни зарур ўқув ва спорт ускуналари, компьютер техникаси ва ахборот-ресурс фондлари билан жиҳозлаш харажатлари таълимга ажратиладиган бюджет маблағлари, шунингдек Адлия вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Юридик коллежларига қабул қилиш ҳар бир ҳудуднинг «юриспруденция» йўналиши бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар таълимга эга бўлган кадрларга бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган квоталар бўйича танлов асосида амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларида талаб юқори бўлган тор доирадаги ва ихтисосли мутахассисликлар бўйича юридик кадрлар тайёрлаш тизимини яратиш, шунингдек, касбий юридик таълим сифатини ошириш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлигининг юридик коллежларида ўқишни ташкил қилиш чоралари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 октябрдаги 858-сон қарори қабул қилинди. Қарор билан “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик коллежларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом”, “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик коллежларининг намунавий тузилмаси” ва “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик коллежларида ўқув юкламаси ҳажми” тасдиқланди.
Қабул қилинган қарорга мувофиқ, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг талаб юқори бўлган тор доирадаги ва ихтисосли мутахассисликлар бўйича тизимли фикрлаш қобилияти, иш юритиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллашнинг амалий кўникмаларига эга бўлган ва хорижий тилларни биладиган касб-ҳунар таълими бўйича юридик кадрларни тайёрлаш юридик коллежларнинг асосий вазифалари бири этиб белгиланди.
Адлия вазирлиги қошида ҳар бир ҳудуди ва Тошкент шаҳрида
жами 14 та Юридик коллежлари ташкил қилинди. Юридик коллежларида Давлат хизматлари бўйича юрист, Кадрлар масалалари бўйича юрист, Аграр сектори соҳаси бўйича юрист, Шартнома масалалари бўйича юрист, Норариат бўйича юрист, Адвокатура бўйича юрист, Ишлаб чиқаришни амалга ошириш бўйича юрист мутахассислик бўйича кадрларни тайёрлаши белгилаб қўйилган.
Шунингдек, юридик коллежларга уларнинг ходимлари учун белгиланган тариф ставкасининг 100 фоизигача миқдорда устамалар бериш тартиби жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик коллежларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, юридик коллежларга ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланган қабул квоталари доирасида тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Кам таъминланган оилалардан абитуриентлар, Меҳрибонлик уйларининг тарбияланувчилари, шунингдек, кўзи ожиз абитуриентлар қабул квоталаридан ташқари Адлия вазирлиги томонидан махсус ажратилган ўринларга қабул қилинади. Ушбу ўқувчиларнинг ўқиши қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат грантлари асосида амалга оширилади. Юридик коллежларга ўқишга қабул қилиш Адлия вазирлиги томонидан танлов натижаларига кўра тўпланган балларнинг рейтинг тизими бўйича амалга оширилади. Бунда кўзи ожиз абитуриентларни қабул қилиш танлов натижаларига кўра кўп балли ёхуд тегишли анъанавий беш балли тизим асосида амалга оширилади. Юридик коллежларга ўқишга қабул қилиш бўйича танловлар ёзма имтиҳон шаклида
1 июлдан 10 июлгача бўлган муддатда «Ҳуқуқшунослик» ва «Она тили ва адабиёти» (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) фанлари бўйича ўтказилади.
Абитуриентларнинг юридик коллежларга ўқишга қабул қилиш ҳақидаги аризалари қабул комиссияси томонидан 1 июндан 20 июнгача қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган қарорга асосан 2020/2021 ўқув йилида Адлия вазирлигига тегишли бўлган Юридик коллеж талабалари имтиҳонсиз Юридик университетга қабул қилинади. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Адлия вазирлигининг юридик коллежлари битирувчилари ҳудудий адлия органларининг йўлланмалари бўйича Тошкент давлат юридик университетига киришлари мумкин, бунда бакалаврларни тайёрлаш махсус 3 йиллик дастури бўйича ўқитиш билан ва таълимни якунлагач, тақсимотга мувофиқ 3 йил давомида узлуксиз ишлаб бериш тўғрисидаги мажбуриятни олган ҳолда, кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбатлашув орқали қабул амалга оширилади. Адлия вазирлиги тузилмасига кирмайдиган коллежлар битирувчилари бундай имтиёзга эга бўлмайдилар.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, суд-ҳуқуқ йўналишидаги ислоҳотлар натижасида салоҳиятли юридик кадрларни шаклланиши ва миллий ҳамда халқаро меҳнат бозорида юридик кадрларга талаб ошиши ва иш ўринлари билан таъминланишига олиб келади.
О.Тошниёзов
Самарқанд вилоят юридик коллежи директорининг
ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари
Дата добавления: 18/05/2019 12:49; Просмотров: 1263
Чоп этилган вақт: 31/01/2025 00:07